You are here: Home » Chapter 4 » Verse 58 » Translation
Sura 4
Aya 58
58
۞ إِنَّ اللَّهَ يَأمُرُكُم أَن تُؤَدُّوا الأَماناتِ إِلىٰ أَهلِها وَإِذا حَكَمتُم بَينَ النّاسِ أَن تَحكُموا بِالعَدلِ ۚ إِنَّ اللَّهَ نِعِمّا يَعِظُكُم بِهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ كانَ سَميعًا بَصيرًا

Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир. (Омонатни турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с. а. в.) қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатни изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.)