Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. Қачонки, у(Сулаймон) у(тахт)ни ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деди. (Уламолар «китобдан илми бор шахс»нинг кимлиги ҳақида кўп фикрлар айтганлар. У Тавротни, Исмул Аъзамни биладиган, Лавҳул Маҳфуздан хабардор эди, деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Пайғамбаримиз (с. а. в.) айтмаганларидан кейин, ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор», деб айтибди, у ёғини ўзи билади, дейишимиз тўғридир.)