Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг, хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Улар эса, қўлларини оғизларига қўйиб: «Биз сиз бизни чақираётган нарсада шубҳалантирувчи шакдадирмиз!» дедилар. (Яъни, ўша нобакор қавмлар овозлари баланд чиқиши учун қўлларини оғизларига карнай қилиб қўйиб: »Биз сиз орқали Аллоҳ томонидан юборилган динга куфр келтирдик. Биз сиз даъват қилаётган нарсада кучли шак ва шубҳадамиз! « дедилар. Демак, улар ўзларини зулматлардан нурга олиб чиқиш учун Аллоҳ томонидан келган ҳодий Пайғамбарларга нисбатан беодобларча муносабатда бўлдилар.)