You are here: Home » Chapter 8 » Verse 11 » Translation
Sura 8
Aya 11
11
إِذ يُغَشّيكُمُ النُّعاسَ أَمَنَةً مِنهُ وَيُنَزِّلُ عَلَيكُم مِنَ السَّماءِ ماءً لِيُطَهِّرَكُم بِهِ وَيُذهِبَ عَنكُم رِجزَ الشَّيطانِ وَلِيَربِطَ عَلىٰ قُلوبِكُم وَيُثَبِّتَ بِهِ الأَقدامَ

Ўшанда У сизни Ўзидан омонлик қилиб, мудроқ ила ўраган эди ва сизни поклаш, сиздан шайтоннинг васвасасини кетказиш ҳамда қалбларингизни боғлаш ва қадамларингизни собит қилиш учун устингизга осмондан сув туширган эди. (Мусулмонларга ажойиб бир руҳий ҳолат пайдо бўлди ўшанда. Ҳозиргина қўрқиб, хавсираб турган одамлар бир мудроқдан кейин қалблари тўла сокинлик, ўзлари ҳотиржам, душмандан заррача қўрқмайдиган ҳолга келдилар. Мудроқ босиш ҳолати Пайғамбаримизда (с. а. в.) қандай кечгани Имоми Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида бундай ривоят қилинган: «Бадр уруши куни Расулуллоҳ (с. а. в.) Абу Бакр Сиддиқ (р. а.) билан капада дуо қилиб турганларида Расулуллоҳни (с. а. в.) мудроқ босди. У киши кулиб уйғондилар. «Суюнавер, эй Абу Бакр, Жаброил отда икки томонидан чанг чиқариб келмоқда», дедилар. Сўнгра кападан «Тезда бу жамоат енгилади ва орқага қараб қочурлар», деган оятни ўқиб чиқдилар». Сувсизликдан, шайтоннинг васвасасидан етган заифликни кетказиш, собитқадам қилиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди.)